гапини эшитмаётганди ҳисоб. У ҳатто "Машинадан сакраб тушиб қолсамми?" деб ҳам ўйлади. Аммо ёнида ўтирган милиционер қўлидан маҳкам ушлаб олгани, боз устига, кишанланганлиги бундай қилишига йўл бермасди.
Милиция бошқармасига етиб келганларидан кейин Фаррухни худди ўта хавфли жиноятчини тутиб келтиришгандай икки ёнидан иккитаси маҳкам ушлаб олишди. Бақалоқ билдирмайгина унинг биқинига бир мушт туширди. Сўнг маҳбусни тўғри терговчининг олдига олиб киришди.
– "Тоғ бургути" келибди-ку, – деди қотмадан келган, пешонаси кенг, бурни узун киши Фаррухни кўрганидан кейин. – Аввал яхшилаб "ювинтириб-чайинтириб" оламизми ё бирдан терговни бошлайверамизми?
Фаррух унинг гапига тушунмади. Шу боис индамай қараб тураверди.
– Овсарми дейман бунинг? – деди терговчи бақалоққа қараб.
– Келгунча яхшигина сайраб келаётганди. Сизни кўрганидан кейин дами ичига тушиб кетди шекилли, ўртоқ командир, – деди бақалоқ кулиб.
– Бургутлар осонлик билан жон берадиган қушлар тоифасига кирмайди. Улар анча мағрур бўлишади. Лекин биз керак бўлса йўлбарсни ҳам қўлга ўргатамиз, – дедида, терговчи Фаррухнинг ёнига келиб, унинг елкасига қоқди. – Шундайми?
Фаррух яна унга ҳеч нарса демади. Беш-бегона одам-нинг елкасига ургани асабини қўзғатди. Шундан кейин терговчи жойига бориб ўтириб, бақалоққа жавоб бериб юборди. Фаррухга эса ўзининг қарама-қарши томонидаги столга ўтиришни буюрди.
– Қани, раис билан ораларингда нима бўлганини битта қолдирмай менга айтиб бер-чи, – деди терговчи тортмасидан сигарета олиб лабига қистираркан.
– Ўзларидан бўлди, – деди ниҳоят Фаррух тилга кириб.
– Ўзлариданми, сенданми, нима фарқи бор? Бир бошдан гапиравер.
Фаррух нима деярини билмай терговчига қараганча қотиб тураверди.
– Нега менга бақраясан? – деди терговчи унга хунук қараш қилиб. – Саволимга жавоб бер. Мен сен валакисаланг билан эзмаланиб ўтирмоқчимасман.
– Аввал улар менга қўл кўтаришди. Кейин мен… Тошни раисгамас, анави новчага отгандим, – деди Фаррух бошини эгиб, кейин тағин отаси ёдига тушиб қолиб, ялинди: – Командир ака (бақалоқ шунақа деб атагани учун унинг оти бўлса керак, деб ўйлаганди), отамнинг мазаси йўқ, менга ҳозирга рухсат беринг, борай. Анавилар мени қўйиб юборишмади.
– Отангнинг мазаси йўқ? – деди терговчи уни мазах қилиб. – Нима қилай шунга? Отангни ўйларкансан, бировга кучингни кўрсатмагин эди.
– Мен биринчи бўлиб урмадим, дедим-ку сизга! – деди жаҳли чиқиб кетган Фаррух овозини бир парда кўтариб.
– Битта шапалоққа ўлиб қолдингми? Катта одам бўлганидан кейин уради-да. Сен бўлса унинг пешонасини ёргансан. Бунинг учун неча йилга кетасан, биласанми? Камида ўн йил. Ўша мазаси йўқ отанг срогинг тугагунча борми-йўқми, худо билади, тушундингми?! Кейин иккинчи бу ерда бақирганингни эшитмайин,– деди терговчи кўзлари олайганча сигаретасини кулдонга асабий эзар экан.
Отаси ҳақидаги гап Фаррухнинг суяк-суягидан ўтиб кетди. Бошқа пайт бўлганида шундай дегани учун бу одамнинг жағини эзиб қўйган