амал-тақал қилиб кечқурунги овқатдан едирди, холос.
Фаррух судга ёши улғайиб қолган одамлардай ғамгин кириб келди. Каталакдай суд залида раис ва новча хизматкор тиржайиб ўтиришарди. Улар Фаррухни кўрганлари заҳоти ўринларидан туриб, қарсак чалган бўлишди.
Агар Моҳирўй бундан бир йилгина аввал мана шундай кеч келганида ёки биронта ножўя иш қилиб қўйганида Турғун Ғаниевичнинг парвойига ҳам келмаган, қизининг қилиқларини шунчаки эркатойликка йўйган бўларди. Бироқ айни дамда амалдорнинг назари бошқа эди. Моҳирўйга қизига қарагандек қарамасди, жаҳли чиққанининг сабаби ҳам шунда эди.
– Қайси гўрда юрибсан?! – деди у қовоғини уйиб.
Моҳирўй бу гапни эшитиши билан жойида ҳайкалдек қотиб қолди. У дадасидан умрида бунақанги қўпол гап эшитмаган эди. Худди илк бор бу одамни кўраётгандек тикилиб тураверди. "Дадам бошқача гапирди, менинг қулоғимга шундай эшитилди, шекилли", – дея ўйлади у.
– Сендан сўраяпман, қайси гўрда санқиб юргандинг? – дея яна гапини қайтарди амалдор ва қўлидаги қамчинни ерга қарсиллатиб урди.
Бундан чўчиб тушган Моҳирўй шундагина дадасининг қўлидаги қамчинни кўрди-ю, бирдан ранги оқариб кетди. Вазият у ўйлаганидан кўра анча жиддий эди.
– Шаҳарни айланиб… – дея Моҳирўй гапини бошлади-ю, бироқ давом этказолмади, кўзидан ёш қуйилиб келди.
– Ким билан бирга эдинг?! – дея вишиллади Турғун Ғаниевич.
Унинг бу саволига қиз бошини чайқаб "ҳеч ким билан" ишорасини қилди.
Шу заҳоти унинг елкасига қамчи келиб тушди. Моҳирўй гиламнинг устига йиқилиб тушди-ю, бақириб юборди. Унинг овози амалдорга илҳом бағишладими, у қизни тинмай савалашга тушиб кетди. Моҳирўй думалаб кетар, дадасидан тинимсиз шафқат сўрарди.
– Сен! – дея Турғун Ғаниевич оғзидан кўпик сачратиб ўшқирди. – Сен тоғдаям мени шарманда қилгандинг! Ер билан битта қилгандинг!
Унинг бу гапларини Моҳирўй эшитадиган аҳволда эмасди. Қиз қандай бўлмасин, тинимсиз елкасига, белига келиб тушаётган қамчининг зарбасидан қутулиб қолиш учун нима қилишини билмай ўзини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ташлар эди. Бироқ амалдор мўлжалдан адашмас, худди жонсиз бир нарсани савалаётгандек қамчилашни тўхтатмасди. Қизнинг аллақачон танаси кўкариб кетган, баъзи жойларига икки-уч мартадан қамчин келиб тушганидан, қон ҳам оқмоқда эди. Ниҳоят, Моҳирўйнинг қимирлашга ҳоли қолмади, у дадаси ҳар урганда "и-ии", дерди нимжон овозда.
– Ўлиб қолса товонига қоласиз, – деди Моҳирўй дастлаб овоз чиқаргандаёқ ширин уйқусидан уйғониб ке-тиб, "Нима бўлаяпти?" деган хавотирда хонасидан чиқиб, вазиятни кўрганидан кейин қувониб кетган Зулайҳо.
– Ўлса бутунлай қутулардим! – деди ҳансираб амалдор ва қизни савалашдан тўхтаб, хотинига қаради.
– Етимча бўлсаям шунча йил боқдингиз кўпчилик сизнинг қизингиз борлигини билади. Тўсатдаи бу қиз ғойиб бўлса ҳар хил гап-сўзлар кўпаяди. Агар шу қиздан қутулиш ниятингиз бўлса, уни ўлдириш шарт эмас, йўлйўриғи бор ўзининг.
Шу пайт дарвоза қўнғироғи устма-уст жиринглади. Эрхотин бир-бирига хавотир билан қарашди.
– Ким бўлиши мумкин ярим