гапни эшитган ҳайдовчи афтини бужмайтирди, қизнинг елкаси оша светофор остида ўтирганларга қаради ва бироз ўйланиб тургач, рози бўлди.
Туғруқхонага етиб борганларида, қабулхонада ўтирган ҳамшира: "Одам кўп, ётқизишга жой йўқ", деб пича тихирлик қилди. Моҳирўй дарров ёнидан беш сўм чиқариб, унинг чўнтагига солиб қўйганди, жой ҳам топилди, муомалаям ўзгарди. Шундан кейин ҳам Моҳирўй аёлнинг бир ўзини ёлғиз қолдирмай, жувоннинг кўзи ёришини кутиб ўтирди. Аёл беминнат ёрдам бераётган қизни дуо қилиб чарчамас, ҳар икки гапининг бирида унга яхши жойлардан ато қилишини Худодан тилар эди. Охири Моҳирўй бундай раҳматномалардан ноқулай аҳволга тушди ва гапни бошқа томонга буриш учун:
– Хола, кечирасиз, қизингизнинг эри бирон жойга кетганми? – дея сўради.
– Эй-й, қизим, – деди аёл бошидаги рўмоли билан кўз ёшини артиб, – бизлар асли шўрпешоналармиз. Оила қурганимдан бери бошим ғамдан чиқмайди. Аввалига раҳматли эрим билан яхшигина яшардик. Эскироқ бўлсаям мошинамиз бор эди. Бир куни эрим икковимиз шу мошинада меҳмонга кетаётиб аварияга учрадик. Эрим шу заҳоти жон берди. Мен дўхтирхонада ўзимга келдим. Лекин хаёлим кирди-чиқди бўп қолган экан. Битта бир ярим ёшли, битта уч ёшли қизимдан бўлак ҳеч кимим йўқ эди. Эрим икковимизам детдомда катта бўлгандик. Шунинг учун авариядан орттирган жароҳатларим тузалгач, дўхтирлар мени психбалнисага жўнатишди, қизларимни бўлса, детдомга топширишибди. У ерда мен узоқ қоп кетдим. Тузалганимдан кейин қизларимни олгани борсам, кичкинасини кимдир олиб кетибди. Ишқилиб, қизимни улар қийнаб қўйишмасин, деб эрта-ю кеч Худога ёлвордим.
Шу битта қизниям минг бир азобда катта қилдим. Мендай психбалнисадан чиққан одамга биров иш берармиди?! Бир сўм топиш учун қанча азобларни бошимдан ўтказмадим. Ўзимни неча марталаб ўлдирмоқчиям бўлдим. Лекин шу норасида гўдакни ўйлаб ниятимдан қайтдим.
Қизимнинг бўйи етганида бир бола: "Ўламан саттор, шу қизга уйланаман!" – деб туриб олди. Бемаза оиланинг боласи экан. Бермайман десам, "Бир куни келиб қизингизни ўлдириб кетаман, кейин ўзимниям ўлдираман", дейди. Қўрққанимдан бердим. Икки ойча улар яхши яшашди, кейин куёв ичкиликбозликни, бировларнинг уйига ўғирликка тушишни бошлаб юборибди. Бунинг устига, қизимни урмаган куни йўқ экан. Нима эмиш, Марҳабо жудаям чиройлимиш, қўшнилари унга кўп қарармиш. Яхшиям куёв беш ой деганда ўғирликда қўлга тушиб, қамалиб кетди. Бўлмаса қизимни уриб бир нарса қилиб қўярмиди…
Қизимнинг бўйида бўп қолган экан. Ўзим амал-тақал қилиб парваришлаб турувдим. Бирданига туғишига яқин қолганда оғриб қолсам бўладими? Қизим бечоранинг туғишига деб йиғиб қўйган тўрт беш-сўмимнинг ҳаммасини ўзимни даволатишга совурдим. Куни кеча касалхонадан чиқдим. Қўни-қўшнидан бир-икки сўм қарз оламан, деб ўйлагандим. Ҳеч ким бермади. Ҳаммасидан йигирма-ўттиз сўмгача олиб қўйгандик… Бахтимизга сен учраб қолдинг, – дея аёл яна кўзига ёш олди.
– Қўйинг, йиғламанг, – деди Моҳирўйнинг кўнгли бузилиб, – кўрасиз, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
Шундан кейин