Узбектош Киличбек

Тожмаҳал


Скачать книгу

ҳозир қандай буйруқ беришимни эшитасиз. Баски, сен ҳамма айтилган ишнинг тескарисини қилар экансан, бугун менинг топшириғим бундай бўлади: ҳозир дунёдаги энг бемаза, энг ярамас нарсаларни олиб кел!

      Эзоп ҳар бир меҳмон олдига сирка сепилган шўр тил қўяди.

      Талаба-2: Ие, яна тилми?

      Ксанф (азбаройи жахли чиққанидан кўкариб): Обкелсанг-чи ахир овқатингни!

      Эзоп энди хар бир меҳмоннинг олдига қовурилган тил қўйиб чиқади.

      Талаба-1: Бу қанақаси? Бу галварс бизни тилга бўктириб, тинкамизни кўритмоқчи, шекилли?

      Ксанф: Сен яна эски найрангингни бошладингми, ярамас? Қандай ҳаддинг сиғди яна тил олиб келишга? Ахир мен сенга энг бемаза, энг ярамас нарсаларни харид қил!” демаганмидим?

      Эзоп: Хўш, тилдан ярамасрок нарса борми дунёда? Тил одамлар орасига низо солади, фитна уюштиради, бўҳтон гапларга, можароларга, фасоду нифоқларга, уруш бошланишига сабаб бўлади, оилаларни ажратади. Болаларни етим қилади. Қани, айтинглар, тилдан ҳам манфурроқ яна нима бор дунёда?

      Ҳамма жим бўлиб қолади.

      Ксанф: Эзоп, кўзингни юм. Мен талабаларимдан бир нечтасини кўчага чиқараман. Сен кўзингни бир лаҳзада очиб, юмиб нечта талаба борлигини айтишинг керак.

      Эзоп кўзини юмади. Унинг атрофида талабалар айлана бошлайди. Эзоп кўзини бир юмиб очади. Бир талаба оёқ остидаги тошни олиб ташлайди.

      Ксанф: Нечта одам бор?

      Эзоп: Хожам, бу уйда фақат битта одам бор.

      Ксанф: Нима, ростданми? Агар сўзинг ёлғон бўлса ўла-ўлгунингча савалатаман

      Эзоп: Розиман. Агар сўзим исботи билан бўлса, менга озодликни туҳфа қиласан

      Ксанф: Кўзингни оч. Мана, қара, атрофда виж-виж одам. Лекин сен менга: “Фақат битта одам бор”, дединг!

      Эзоп: Рост-да! Ҳув анави тошни кўряпсанми? У мана бу ерда, йўл ўртасида ётган эди. Ўтган ҳам, кетган ҳам шу тошга қоқилиб ўтди-ю, лекин уни йўлдан олиб ташлаш биронта одамнинг ақлига келмади. Фақат битта одам уни четга отиб юборди, негаки, у бошқалар ҳам қоқилмасин, деб ўйлади-да. Шунинг учун мен, шунча оломон ичида атиги битта одам бор экан, деб ўйлаб, сенга шундай деб айтган эдим.

      Ксанф. Оббо! Бу Эзоп тушмагурда доим ўзини оқлашга важ топилади-я! Озодлик сўраганинг учун сени зиёфатдан кейин калтаклатаман.

      Эзоп: Мен барибир озодлик сўрайвераман. Мен озод бўлишга лойиқман. Ё озод яша, ёки ўлим топ.

      Ксанф: Қуй.

      Эзоп: Май худоси Дионис одамларга май туҳфа этганида, майни учта қадаҳга қуйиб, уни қандай ичишни кўрсатган экан: биринчи қадаҳ _ лаззатланиш учун, иккинчи қадаҳ – хурсандчилик учун, учинчи қадах бош оғриғига. Сен, хожам, лаззатланиш учун, хурсандчилик учун ҳам ичдинг. Етар.

      Эзоп: Ўч-чир, насиҳатингни нариги дунёда қиласан!

      Талаба-1: (сархуш) Айтинг-чи, устоз: одамнинг қўлидан келмайдиган иш борми?

      Ксанф: Ким у ҳазрати одамга шубҳа билдираётган? Одамнинг қўли гул, у қила олмайдиган иш йўқ дунёда.

      Талаба-1: Одам бутун бир денгизни ичиб юбориши мумкинми?

      Ксанф: Бундан осони йўқ! Агар хоҳласам, мен ҳам ичиб юбораман.

      Талаба-1: Агар ичолмасангиз-чи?