доя “Қиз муборак!” дейиши билан онангиз қувончдан Худога шукр айтганлар. Билмайсизки, дунёга келишингиз билан онангиз қалбида ширин бир орзу ҳам туғилган. Бу орзу сизга эгизак каби эди, у сиз билан улғайди. Сизни қандай авайласалар, бу орзуни ҳам авайладилар. Сизга биринчи совчи келгандаги онангизнинг қувонганини сезганмисиз? Сезмагандирсиз… Қалбига ўғринча мўралаган хавотирни-чи? Сиз келинлик сарпосини кийиб, жонажон уйингиз остонасидан ҳатлаб ўтганингизда дадангиз кўзда ёш билан дуо қилдилар. Бу айрилиқ ёшлари эмас, бу бахт илинжидаги муножотнинг покиза акси. Айни нафасда дадангиз ва онангиз юрагида иккинчи орзу ҳам туғилди.
Биринчи орзуни авайлаш-асраш дадангиз билан онангизнинг вазифаси эди. Иккинчи орзунинг ушалиши энди сизга боғлиқ. Келин бўлиб тушган хонадонингизда сиз ўзингизнинг чиройли хулқингиз, ғайратли хизматингиз, садоқатингиз ва муҳаббатингиз туфайли қадр пиёласидан бахт шарбатини ичсангиз, бу онда дадангиз ва онангиз бахт уммонида роҳатланиб сузаётган бўлишади. Аллоҳ кўрсатмасин, агар қадр топмасангиз, бахт ўрнига хорлик жари ёқасига келиб қолсангиз, дадангиз ва онангиз кўзларига дунё қоронғу бўлиб кўринади. Дўзах азоби бу дунёнинг ўзида бошланиб кетади.
Нотаниш хонадон сизни қувона-қувона қучоқ очиб кутиб олди. Покиза қадамингизга пойандоз тўшалди, бошингиз узра анвойи гуллар сочилди. Энг муҳими – йигирма икки йил киприкларида авайлаб боқиб, табиялаган ўғилни сизнинг севгингизга, меҳрингизга ишониб топширишди. “Ҳовлимизга келин келди, қут ва барака келди, шоду ҳуррамлик келди, қадами файзли ва қутлуғ бўлсин!” –деб Худодан сўрашди. Бугунги шодликнинг қанчалар узоқ давом этиши энди ўзингизга боғлиқ.
Сизникига совчилар кела бошлади. Сиз қайси йигитни танласам экан, деб ҳаяжонланасиз. “Адашмасам эди”, деб хавотирланасиз. Сизга далда бўлиш учун бир ҳикмат айтай: Имом Ғаззолий баёнларига кўра, хотин эрдан тўрт нарсада афзал бўлиши керак. Булар: гўзалликда қиз йигитдан устун бўлиши; назокат ва зарофатда аёл эркакдан нозикроқ ва маданиятлироқ бўлиши; аёлнинг феъли эрининг феълидан юмшоқроқ бўлиши; бўлажак эр қари бўлмаслиги лозим.
Ривоят қилурларким, ТАҚДИРнинг бениҳоя тенгсиз гўзал, оқила қизи бор экан. Қарангки, бир вақтнинг ўзида АҚЛ, ДАВЛАТ ва УМИД деган йигитлардан совчилар келишибди. ТАҚДИР қизини чақириб: «Куёв бўлмишни ўзинг танла, қайси бири сенга маъқул?» – деб сўрабди. Доно қиз ўйлаб туриб жавобини бошлабди:
– АҚЛ инсондаги энг олийжаноб фазилатдир. АҚЛ ёрдамида дўстни душмандан, ҳушёрни эса девонадан фарқлаш мумкин. Лекин АҚЛнинг бир айби борки, кишини чалғитиб, хатарли йўлларга солиб қўймоғи ҳам мумкин. «Ақллилик балоси» деб бекорга айтмаслар.
– ДАВЛАТ ҳақида нима дейсан?
– ДАВЛАТ – ишбилармон ва ҳукмдордир. Давлатнинг итоатида кўп нарсалар бор. Бироқ, унда вафо йўқ. Агар ихтиёрни ўзимга берсангиз мен УМИДни танлагум. Чунки УМИД ҳар қандай ҳолатда ҳам инсондан ажралмайди, ҳар қандай ҳолатда ҳам вафолигидан чекинмай,