ҳам тайёр эди. Кампир уни етаклаб чиқди.
Домла никоҳ шартлари ва талабларини айтиб, Оловиддинга маҳрамга нима берасиз деб сўради, йигит: тилла деди.
Домла тилла узукми, зиракми ё соатми деб майдалашиб сўрамадида, у ҳолда бу масала ҳам очиқ экан, никоҳни ўқишга важлар етарли деб қўлини очиб, хутбани ўқиб, савол-жавоб қисмида Оловиддинга мурожаат қилди: Сизким Оловиддин Маҳамат ўғли Қалдирғоч Борий қизини ўзингизга шаръий хотинликка қабул қиласизми? Оловиддин кўпчиликни маҳтал қилмас учун «қабул қилдик», деди.
Энди Қалдирғочга савол берилганида, янга индамади. Оловиддин кампир кўндира олмагандир деб ўйлаб, унга тикилди. Қалдирғоч бу қарашлар маъносини фаҳмлар, лекин нима қилсин? Унинг ичида ҳалигача иккиланишлар бор эди. Фақат иккинчи бора домланинг «сизким Қалдирғоч Борий қизи ўзингизни Оловиддин Маҳамат ўғлига бахшида қиласизми?» – деган саволига кампирнинг туртиши билан, паст овозда, «ҳа» деди. Домла бошқача айтишни тушунтирди, шунда Қалдирғоч, барчанинг нигоҳларини ўзида ҳис қилиб, аввалига ўзини йўқотди. У қайнанасининг ҳа-ҳа деб қувватлашини кутди. Туртишини сезмай миқ этмай қолди, қайнанаси бу гал далда бермай, негадир кўзидаги намни артиб, четга нигоҳини бекитди, бу вақт домла учинчи бора саволини қайтараётган эди, Қалдирғоч, қайнанасига ачинибми, розиман деб юборди. Унинг овози бу гал дадил ва ишончли чиқди. Сўнг домла, алҳамдулиллоҳ, алҳамдулиллоҳ билан никоҳни тугатди.
Оловиддин домлани ташқаригача кузатиб чиқди. Киши билмас чўнтагига пул солди. Домла мамнун бўлди, шекилли, шивирлаб, ҳақингиз бор, маҳрамлик, эрлик мақоми ўрнида ҳаракат қилмоқ бу никоҳ таомили. Ёдингизда турсин. Мусулмончиликка зидмас, безино амал, – деб уч ғилдиракли пат-патини патиллатиб жўнаворди.
Оловиддин очиқ ҳавода шундан кейин ҳам бироз турди. Унинг димоғи чоғ эди, аммо ичида қандайдир тортинишми, ҳадикми, кўнглига ғулғула солиб турарди. Гарчи, домланинг сўроғига янганинг бир оғиз розиман деган иддаоси хурсанд қилиб юборган, ҳозир ҳам қулоқ остида жаранглаётган туюлса-да, у ўзининг бу саргузаштли ҳолатининг нима билан тугашига ошуфта қизиқсиниш ҳолатида эди.
Бир вақт эти увишганини ҳис қилди-да уйга шошди.
Ромли айвонда ҳеч ким кўринмади. Бу айвондан ўтиб, меҳмонхона эшигини энди очмоқчи эди, кампир хонасидан чиқиб, унга қўл силкиди. Оловиддин тўхтаб, унга қараб қолди. Кампир унга қовоғининг ич-ичига ботган, мошдек кўзларини тикиб, бирорта сўз айтолмас ҳолатда эдими, дуо, далда қолиб, барибир нимадир дейишини англаб, лаб жуфтлади: келинимни хафа қилма.
Оловиддин, бунга жавобан, унинг гапларига энсаси қотиб қаради-да, ичкарига ўзини урди. Қалдирғоч бир тўхтамга келган эди. Ҳозир шу ишни амалга ошириш учун шоша-пиша трюмо тумбаларини титкилаб, таблеткаларни топди. Улар ишончли ерда. Қайнанасига пачкалаб келтириб қўйилган. Уйқуси қочганда кампир келинидан сўрайди.
Гоҳида бутун, гоҳида яримтасини бера қолинг, ўзи уйқум келиб турибди дейди. Ичиши билан уйқуга тортиб, бирпасда ташқаридан овози эшитилмай қолади. Кучли дори, шекилли. Яримта таблеткани оғзига солди. Кетидан ярим пиёлача сувни ютоқиб ичгач, шундагина кўнгли тинчиб, юрак уриши босилгандек