Шомурод Шаропов

Умр дарёси


Скачать книгу

кафедрасига ишга таклиф этишаяпти. Кўриб турибман, жуда ҳаракатчансан. Тўғрисини айтсам, қишлоқдагиларинг илмий ишни нима эканлигини яхши тушунишмайди. Аммо, улар сени тинч ҳам қўймоқчи эмас. Яхшиси, сен мен билан Москвага ишга кетгин. Уч-тўрт йилда доктор бўласан. Ёқмаса, кейинчалик яна қайтиб келаверасан. Шу ярамас одамлардан йироқроқ бўлгин дейманда! Мен сенга ўғлимдек ўрганиб қолганман. Людмила Михайловна ҳам менинг фикримни маъқуллади…, – деб гап бошлади.

      – Мен отам билан маслаҳатлашиб кўрай. Агар рухсат берсалар, албатта сиз билан кетаман, – деди Амир Тўраев.

      – Ўйлаб кўргин, ўз қарорингни менга айтарсан, – деб Виктор Михайлович шогирдини ўз кутубхонасига бошлади. Унинг кутубхонаси ростакамига хазина бўлиб, жаҳон адабиётидан тортиб, дунёдаги қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли минглаб нодир асарлар жовонларга тартиб билан териб қўйилганди.

      – Бу китобларни Москвага ортмоқлаб юрмайман. Ҳаммасини сенга қолдираман. Китобнинг қадрига етишингни яхши биламан, – деб устоз ўз шогирди билан шу ерда хайрлашди. Ўшанда Виктор Михайлович етмиш етти ёшга кирган эди.

* * *

      Ўша оқшомнинг ўзида Амир Тўраев поездга ўтириб, Қаршига қайтди. Темир йўл вокзалидан тўғри Пўлатига йўл олди. Ҳовлисига кириб борганида онаси Ўғилой ая ҳар доимгидек ўчоқ бошида куймаланаётганди. Фарзандини кўрибоқ, унга талпинди. Қучоқ очиб, бағрига олди. Ўғлининг юзларини авайлаб силаркан, негадир овоз чиқармасдан йиғлашга тушди, онаизор. Бир умр рўзғор ташвишларидан ортмасдан тандир-тандир нон ёпиб, ўнта фарзандни оқ ювиб, оқ тараб тарбиялаган муштипар она фарзандининг муваффақиятларини эшитиб, хурсандчилик кўз ёшларини тўкаётганди. Ёшлигидан кўплаб ситамларни ўз бошидан кечирган, қатағон йиллари отаси қамалган, мол-мулклари мусадаро қилинган, Аваз исмли укасини бевақт тупроққа топширган бу аёл бир умр отаси ва укасини ёд этиб яшади. “Ўғил болаларни яхши кўриши ҳам шундан бўлса керак”, деган ўй ўтди бошини онасининг кўксига қўйиб турган Амир Тўраевнинг хаёлидан.

      Онаизор қўлидаги юмушини қўйиб, дарвозахонадаги тахта караватга янги кўрпачалар тўшаркан, лаблари пичирлаганча “Айланай олим ўғлимдан-а, умргинанг узун бўлсин, илоҳим! Московларга бориб келаяпти, болам…” деб дуо қиларди. Амир Тўраев эса тик қотганича онасининг чаққон ҳаракатларидан, шу ёшга кирибдики бирор маротаба ҳам ҳаётдан нолиганини эшитмаганидан, иродаси мустаҳкам ва мағрур аёл эканлигидан фахрланиб турарди. Ҳақиқатда ҳам шундай эди. Ўғилой ая гапирганда гапларни кесиб гапирар, ўз фикрини аниқ-тиниқ қилиб тушунтирар, рўзғорда эса мазали овқатлар тайёрларди. Оқ шўрва, қозон кабоб, калла-поча тозалаш, айниқса, лалми буғдой унининг обдан муштланган хамиридан нон ва патир тайёрлаганда, мазаси оғиздан кетмасди.

      – Амиржон, чарчаб келган кўринасан, бир оз нафасингни ростлаб олгин, оқ шўрва ҳам ҳозир тайёр бўлади, – онасининг овози хаёл уммонида сузиб юрган ўғилни ҳушёр торттирди.

      Амир Тўраев оз бўлсада онасининг меҳрига қониқиб, ишхонасига отланди. Бориб, ишхонасида давом эттирилаётган